«ПЯТИМИНУТКА» ЁКИ ГАП ҲАҚИДА ГАП

Бу мақола анча олдин газета таҳририяти учун тайёрланганди. Бироқ унда тилга олинган муаммонинг кўлами кенгайса кенгайдики, асло пасайгани йўқ. Расмий матбуот тили билан айтганда, «мавзу долзарб, масала кун тартибидан тушмаган»...

«Пятиминутка»
Тиббиёт муассасаларидан бирида ишлайдиган дўстимни йўқлаб, иш жойига ўтдим. Мажлисда экан, ярим соатча кутишга тўғри келди.
— Намунча йиғилишларинг чўзилмаса, — ўпкаланган бўлдим хонасига ҳовлиқиб кириб келган оғайним билан кўришарканман. — Эртароқ тугатсаларинг бўлмайдими?
— Э, бу ҳали вақтлироқ қутилганимиз. «Пятиминутка»ларимиз бир-бир ярим соатга ҳам чўзилади. Ҳатто кунда икки маҳал — эрталаб ва тушдан кейин ҳам бўлиши мумкин.
— Нималарни муҳокама қиласизлар ўзи?
— Беморлар ҳолатидан шифохона таъмиригача, комиссия келишидан тортиб меҳнат интизомигача. Мажлис бўлганидан кейин кимдир мақтов эшитади, кимдир — танбеҳ. Эрталабда яхшигина «насиба»сини олиб чиққан шифокорнинг ҳолатини кўз олдингга келтиравер.
Кўз олдимга келтирдим. Аммо шифокорни эмас, унга маҳтал бўлиб турган беморни. Бечора «пятиминутка»дан чиққан халоскорининг кўзига термулиб турса керак: кайфияти яхши бўлса-ку, хўп-хўп, авзойи бузуқ бўлса — урди худо.
Беморлар ҳам, йўқловчилар ҳам аллақачон бунга кўникиб кетишган. Фалон дўхтир жойида йўқми, демак, «пятиминутка»га кириб кетган.
Мантиқан олиб қараганда, ҳар куни йиғилиш ўтказавериш бош шифокорга ҳам ҳавас бўлмаса керак. Кичкина бир жамоанинг ҳам ўзига яраша ташвишлари бўлади. Бироқ шунча чўзиш шартми? «Пятиминутка»ни номига яраша — тез ва соз ўтказиб, қолган майда-чуйда гапларни тегишли одамлар билан холи гаплашиб олса бўлади-ку?
 Илон пўст ташлайдиган мажлис
Мажлисларни яхши кўрамиз. Катта-катта ташкилот раҳбарларига баъзан раҳминг келади: куни мажлисларда ўтади. Кошки йиғилишлар шунга яраша самара берса: кўпинча аввалдан маълум тадбирларни қоғозга қараб ўқиб бериш билан ўтади-кетади.
Туман раҳбарларидан бирининг «иш тажрибаси»ни айтиб беришди. Унинг учун мажлис ўтказишнинг эрта-кечи йўқ экан. Хоҳласа ярим тунда, хоҳласа каллаи саҳарлаб йиғилиш чақирар экан. Баъзан мажлис ўтказиб бўлганидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай худди ўша «контингент»га навбатдаги йиғилишни белгилар экан. «Хўжайин, шу гапларни аввалги мажлисда айтиб қўяверсангиз бўлмасмиди?» деганларга «Тўсатдан янги фикр чиқиб қолди, буни тез еткизмаса хаёлдан кўтарилади», дермиш. На кулишингни биласан, на...
Энг ёмони, баъзи йиғилишларда айтилаётган гапларга илон пўст ташлайди. Мўмин-қобил халқмиз, баъзан «катта»лар «айниб» юборса ҳам тишимизни-тишимизга босиб ўтирамиз. «Бошлиқ бўлганидан кейин сўкади-да», дея ўзимизга-ўзимиз таскин берамиз. Тўғри, раҳбар тергагани, танбеҳ бергани учун ҳам раҳбар. Аммо бир нарсани унутмайлик: инсон шаъни, қадр-қиммати ҳар нарсадан устун туради. Уни поймол этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
XXI асрда яшаяпмиз. Телефон, факс, электрон почта, мессенжер деган нарсалар бор. Ҳуда-беҳудага одам тўплаб, вақт ва асабни кеткизмай, шулардан бемалол самарали фойдаланиш мумкин. Йўқса, бу кетишда одамларни «мажлис» деса қалтироқ тутадиган ҳолатга келтириб қўямиз.
«Гап» ҳақида гап
Уйимиз олдида спорт майдончаси бор. Эрталаблари туриб, бироз чопиб, бадантарбия қилган бўламан. 200-300 чоғли одам яшайдиган «дом»имиздан мен ва ёши 60 дан ўтган, соғлиғини қадрига етадиган онахон чиқамиз, холос.
Ўйлаб қоламан: шунча одам эрталаблари нима билан машғул бўларкин? Шароит бўлмаса ҳам гўрга эди. Ҳозир нима кўп — мини-стадион, фитнес ва тренажёр заллари. Бу гап кўпроқ ўрта ёшдагиларга тегишли. Тўғри, иш, оила ташвишлари, югур-етим дегандек. Аммо баъзида жуда шарт бўлмаган нарсаларга вақт, имкон топилади.
Кейинги пайтда «гап» деганлари гуллаганда-гуллади. Илгарилари у эркакларнинг оғир ишдан сўнг ҳафта, ойда бир ўтирадиган гурунги эди. Ҳозир бу борада байроқ аёлларда кетди.
«Гап» жониворнинг тури ҳам кўп: синфдош, курсдош, қариндош, маҳалладош, ҳамкасб, хуллас, у ёғи фантазиянгизга боғлиқ. Тўғри, дийдор ширин, лекин «меъёр» деган мезонни ҳам унутмаган маъқул. Қолаверса, яқинларни йўқлаш, фарзандлар билан кўпроқ бирга бўлиш, спорт билан шуғулланиш, саёҳатга чиқиш, китоб ўқиш каби бундан арзигулик юмушлар тўлиб ётибди.
Фин ёзувчиси Марти Ларнининг «Гапни чўзма, чунки умр қисқадир», деган яхши гапи бор. Шу ҳикматни тез-тез ёдга олиб турсак, фойдадан холи бўлмасди...

Комментарии