ТОШКЕНТ ДОНИНИ ЕГАН ЧУМЧУҚ ЁКИ КАДРЛАР НЕГА ПОЙТАХТГА ИНТИЛАДИ?


Соғлиқни сақлаш вазирлиги республика тиббиёт муассасаларида фаолият юритиб келган ва ҳудудларда раҳбар лавозимида ишлаш «истагини» билдирган мутахассислар «ўз хоҳишига кўра» вилоятларга юборилганини маълум қилди.

Вилоятларни малакали кадрлар билан таъминлашга бўлган интилиш ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Шу билан бирга, нафақат шифокорлар, балки олимлар, педагоглар, банк ходимлари, журналистлар, тадбиркорлар, хуллас, катта қатламни пойтахтда қолишга ундаётган сабабларни таҳлил қилиш фойдадан холи бўлмасди. Зеро, маълум вақт жойларга раҳбарликка жўнатилаётган мутахассислар, бюджет ўрнида таҳсилни тамомлаган талабалар муддат якунланганидан сўнг яна ортга қайтмаслигига кафолат йўқ.
Суратда: Тошкенти азимнинг марказидаги Амир Темур хиёбони.
Аслида мегаполисда яшашга интилиш Ўзбекистондагина кузатилаётган воқелик эмас. «Шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда ўлади» деган иборани биз ўйлаб топмаганмиз, бу кеча ёки бугунги гап ҳам эмас. Ички ва ташқи миграция дунё миқёсида кузатилаётган, кейинги йилларда айниқса кенг тус олган ҳолат.
Қишлоқда ўсиб-улғайган йигит-қиз туман ёки вилоят марказини орзу қилади, марказдагилар пойтахтни кўзлайди. Пойтахтлик эса иш ёки ўқиш истагида, айтайлик, Россия, Болтиқбўйи, Польша ёки Чехияни режалайди. Ўз навбатида, бу давлатларда АҚШ, Канада ёки Европанинг бой давлатлари элчихонаси эшигини қоқаётганлар оз эмас.
Айни пайтда, пойтахтда қолишга интилишнинг маҳаллий, ўзига хос омиллари ҳам йўқ эмас. Улардан айримларини санаб ўтиш мумкин.
Тошкент — ягона мегаполис. Хорижда илм-фан, маданият, спорт, молия, бизнес вакиллари ҳаёт бир маромда кечадиган пойтахтни эмас, йирик мегаполислар (Нью-Йорк, Рио-де-Жанейро, Карачи, Истанбул, Мумбай, Шанхай) ёки маълум бир йўналишга мўлжалланган махсус ҳудудларни (Силикон водийси, Бангалор) афзал кўради. Осуда пойтахт асосан сиёсий элитани ўзига жалб этади.
Дони Маккага кетган чумчуқни қайтаришга қодир Тошкентда эса барчаси жамулжам бўлганини кузатиш мумкин. Агар бунга режалаштирилаётган Tashkent City’ни ҳам қўшсангиз, вазият янада ойдинлашади.
Маиший комфорт истаги. Йил-ўн икки ой газ баллонлари келтирилишини кутиш, куз-қишда ўтин-кўмир ғамлаш, электр неча соат берилишидан фол очиш, йўллар ҳолати ҳар қандай метин асабни ҳам емиради.
Фарзанди пухта ва сифатли таълим-тарбия олишига интилиш. Боғча, мактаб, коллеж ёки лицей, олий ўқув юртидаги таълим-тарбия сифати даражаси вилоят ва пойтахтда фарқли эканлиги сир эмас.
Жойлардаги маъмурий босим. У турли кўринишларда (металлолом, обуна, давомат, комиссия, футбол клубига ўлпон, ободонлаштириш, дала юмушлари, пахта йиғим-терими, мажлислар) намоён бўлади ва деярли тўхтовсиз давом этади.
«Ижтимоий лифтлар»нинг етарлича ишламаслиги, юзага чиқиш эҳтимолининг пастлиги. Катта-кичик идоралар, ҳокимликларда ҳар йили кадрлар захираси янгиланаверади, бироқ уларда қайд этилганлар лавозимларни эгаллаётган ёки йўқлиги мавҳум бўлиб қолаверади. Маҳаллийчилик, таниш-билиш ва молиявий имконият масалалари олдинги ўринларга кўтарилади.
Пойтахтда иқтидори, тиришқоқлигига таяниб, ўзини кўрсатиш, мансаб пиллапоясидан илгарилаш имконияти юқори. Нима кўп — вазирлик, ташкилот, компания, фирма ва уларда, вилоятлардан фарқли равишда, негадир доимо иш албатта топилади.
Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш, эътибор берилмаган қайсидир омилларни қўшиш мумкин. Асосийси, санаб ўтилган муаммолардан кўз юммаслик ва уларни мутахассисларни жойларга юбориш билангина бартараф этиб бўлмаслигини англаб етишда.
Азизбек Абдувалиев.

Комментарии